Канаданинг Квебек провинцияси Монреаль шаҳрида 28 январь куни ўтказилган бокс кечаси оммавий жанжал билан якунланди. Рингда шу вақтгача бирорта жангда мағлуб бўлмаган боксчилар — маҳаллий боксчи Стивен Батлер ва Онтарио провинциясидан Брендон Кук тўқнаш келди, деб ёзади «Sports.ru».
Еттинчи раундда Кук рақибини нокаутга учратди. Онтариолик боксчининг муваффақиятидан норози бўлган маҳаллий мухлислар рингга турли буюмлар улоқтиришни бошлади. Улар орасида муз тўла челак ҳам бор эди ва у ғолиб боксчининг бошига бориб тегди.
Воқеадан сўнг Брендон Кук рингдан олиб чиқилди. Мазкур жангни томоша қилиш учун ташриф буюрган мухлислар ўртасида оммавий муштлашув келиб чиқди. Натижада 4 киши жароҳат олди. Икки нафар соқчи енгил шикастланган бўлса, 42 ёшли эркак ва 49 ёшли аёл шифохонага етказилди. Икки киши ҳибсга олинди.
Стивен Батлер учун мазкур мағлубият профессионал рингдаги биринчиси бўлди. Бунга қадар у 17 жангда ғалаба қозонган. Брендон Кук ғалабалар сонини 17 тага етказиб, мағлубиятсиз сериясини давом эттирди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)