АҚШ президенти Дональд Трамп иммиграция сиёсатини қатъийлаштириш тўғрисидаги фармонларни имзолаганидан кейин Техасда ёқиб юборилган масжидни қайта тиклашга 19 мингдан ортиқ киши 900 минг доллардан зиёд маблағни хайрия қилди. Бу ҳақда Виктория шаҳрида жойлашган, реконструкция учун пул йиғаётган Ислом маркази маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Виктория шаҳри ҳукумати масжиддаги ёнғин билан боғлиқ вазиятни шубҳали ва кимдир ўт қўйиб юборганлигига ишора қилувчи деб ҳисоблайди. Ёнғин 27 январдан 28 январга ўтар кечаси соат иккида содир этилган. Аланга қарийб бутун бинони вайрон қилган. Ҳукумат ҳодиса юз берган вазиятни текширмоқда.
Ёнғин Трамп иммиграция сиёсатини қатъийлаштирувчи қатор фармонларни имзолаганидан кейин саноқли соатлар ўтгач, содир бўлди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари АҚШга муҳожирларни киритиш дастурини 120 кунга тўхтатиш, мамлакатга муҳожирларни қабул қилиш квотасини қисқартириш, шунингдек, Ироқ, Эрон, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан фуқароларининг АҚШга киришини 90 кунга чеклашни буюрди.
Изоҳ (0)