Тошкент шаҳрида алимент тўловини ундириш бўйича назорат кучайтирилади, дея хабар бермоқда «1news.uz» «Оила даврасида» газетасига таяниб. Таъкидланишича, бу борада Тошкент шаҳри ҳокимлиги, прокуратура, суд, адлия, ички ишлар бошқармаси ва бошқа жамоат ташкилотларининг қўшма қарори қабул қилинган.
«Шундай кишилар борки, улар ўзига тўқ, яшаш шароити яхши, аммо ўз пушти камаридан бўлган боласига алимент тўлашни истамайди. Ёки ўзини атайин ойлиги кам бўлган ишга расмийлаштириб қўяди, мавжуд моддий имкониятларини яширишга уринади. Шу боис ана шу қўшма қарор ишлаб чиқилди», — дейди Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Обидов.
Қайд этилишича, эндиликда алимент ундириш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда ишлайди. Алимент тўлашга ишсизлигини баҳона қилаётган фуқаролар ишга жойлаштирилади.
2016 йил 1 октябрь ҳолатига Тошкент шаҳри суд ижрочилари бўлимларида алиментга оид 22 мингга яқин ижро ҳужжати бўлган. 2016 йил сентябрдан бошлаб суд қарорларини ижро этиш департаменти Тошкент бошқармасига виртуал қабулхона орқали тушган мурожаатларнинг 1524 таси (45,1 фоизи) алимент тўловини ундириш масаласидадир.
Изоҳ (0)