20 январь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг маслаҳатлашувларида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам иштирок этди.
Учрашув олдидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров делегациялар раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўринбосарлари ташкилотни кенгайтириш нуқтаи назаридан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг амалий масалаларини кўриб чиқди.
ШҲТ доирасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ва амалий чора-тадбирларнинг батафсил муҳокама қилинди. ШҲТ ҳудудида тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фаровонлик ва тараққиётни таъминлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга аъзо давлатлар тайёр эканлиги якдиллик билан тасдиқланди.
Маслаҳатлашувлар чоғида ташкилотни кенгайтириш жараёнининг муваффақиятли бориши, авваламбор, Ҳиндистон ва Покистоннинг тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши кўп қиррали тенг ҳуқуқли ҳамкорлик салоҳиятининг янада ортишига, ШҲТнинг халқаро нуфузи ва ролининг ошишига имкон яратиши қайд этилди.
Изоҳ (0)