«Сен Ёлғиз Эмассан» Фонди ҳамда Франциянинг «Умид ришталари» шифокорлар уюшмаси томонидан 10–17 январь кунлари амалга оширилган навбатдаги хайрия тадбири доирасида юрак нуқсонлари билан туғилган 12 болада жарроҳлик операцияси амалга оширилиб, 45 бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
Акция ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган оиладан бўлган турли юрак нуқсонларига эга болаларга кардиожарроҳлик ёрдамини амалга ошириш мақсадида амалга ошириб келинмоқда.
«Операцияларни франциялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги В. Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик марказида амалга оширди. Ҳозирда, операциядан сўнг, болалар шифокорлар назорати остида», — дейилади хабарда.
«Умид ришталари» уюшмаси шифокорлари мазкур хайрия тадбири доирасида Тошкентга 5-маротаба ташриф буюриши. Аввал улар Ўзбекистонга 2015 йилнинг июль ва декабрида ҳамда 2016 йилнинг апрель ва сентябрь ойларида ташриф буюрган эди. Ўтган йилнинг май ва ноябрь ойларида эса ўта оғир юрак нуқсонларига эга бўлган ўзбекистонлик болалар фонд томонидан Франциянинг Нант шаҳридаги педиатрия клиникасига юборилиб, жарроҳлик амалиётидан ўтиб келган эди. Фонд ва уюшма ҳамкорлиги мобайнида жами 35 нафар ўзбекистонлик бола мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтди.
Изоҳ (0)