Ҳар бир инсоннинг ўзига хос дунёси, ёшига монанд қарашлари бўлади. Кўпнинг меҳрига мушарраф бўлган ижодкорлардан бири, Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозов «Darakchi.uz» нашри саволларига тажрибасидан келиб чиқиб самимий жавоблар берди.
«2017 йил учун кўзлаган режаларим бир талай. Бу йил мухлисларга концерт дастури тақдим эта олмадим. Келаётган йилда эса концерт қўйишни мақсад қилганман. Ижодда янгиликлар қилиш, янги қўшиқлар ёзиш, уларга клип суратга олиш кабилар ҳақида ҳозирданоқ фикр юритаяпман.
Жонли ижро, аслида, қийин бир масала эмас. Самимий, қадрдон давраларда кайфият аъло, саломатлик жойида бўлса, бемалол 4-5 соат жонли овозда куйлашим мумкин. Ўзингизга маълум, тўйларимиз ҳам тўрт соатдан кам бўлмайди. Меҳмонларнинг завқини кўриб, биз ҳам чарчоқ нималигини билмай хизмат қиламиз.
Санъаткор сифатида ўзимга қўйган чекловларим бор. Тўғри, кўпчиликка тақиқлар ёқмайди, ижод аҳли чегара билмайдиган эркинлик истайди, дейишади. Аммо бу дегани одоб-аҳлоқ меъёрлари, қонун-қоидаларга кўз юмиш мумкин дегани эмас. Урф-одатларни, тамойилларни ҳурмат қилиш инсоннинг ўзини ҳурмат қилишидан дарак.
Руҳшунос қабулида бўлмаганман. Лекин уларга ишонаман. Психология оид китобларни ўқиб билдимки, руҳшунослар ақлли ва дунёқараши бой одамлар.
Севги... Катта ҳарфлар билан ёзиладиган туйғу! Уни бир-икки оғиз сўз билан ифодалаб бўладими? Инсон севиб яшасагина яшайди. Ҳаётга, Ватанга, оилага, жуфти ҳалолига, болаларига муҳаббат қўйиш... Менимча, чексиз севгини туйган инсонлар бахтлилар сафида бўлади.
Аёл уйда ўтирадими, ишлайдими, эрини тушуниши ва зийрак бўлиши лозим. Рафиқам мутахассислиги бўйича ҳамшира. Бир муддат ансамблда қўшиқ куйлаган. Ўн кунлаб хизмат сафарларида юриб уйга қайтганимда бирор марта жанжал билан кутиб олмаган. Мен ҳақимда ҳам гап-сўзлар бўлгандир, уларни аёлимга етказгувчилар ҳам топилгандир. Лекин бирор марта деди-дедилар билан бошимни қотирмаган. Эҳтимол, санъатимни тушунмаганида, санъаткор эканлигимни инобатга олиб, муомала қилмаганида, бугунги даражага эришмаган бўлармидим? Демоқчиманки, оилада ким карьера қилса ҳам, иккинчи томоннинг унга тўғри муносабат билдириши муҳим», — дейди Маҳмуд Номозов.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)