27–28 декабрь кунлари Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон делегациясини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қабул қилиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Тожикистон Республикасига расмий ташриф билан келиш таклиф этилган мактубини топширди.
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид раислигида ўтди.
Комиссия мажлиси амалий, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлик руҳида ўтди. Мажлис доирасида ўзаро ҳамкорликка оид кўплаб долзарб масалалар, жумладан, иқтисодиёт, савдо, транспорт, саноат, маданият, таълим, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқаларнинг асосий параметрлари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишнинг асосий принсип ва ёндашувлари муҳокама этилди.
Томонлар муҳокама қилинган ва бошқа масалаларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олди.
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини 2017 йил Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)