Тошкент ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар оилалари учун кўп қаватли уй реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари М. Солиев очиб берди.
40 хонадонга мўлжалланган ушбу кўп қаватли турар жой биносининг атрофи ободонлаштирилди. Бу ерда яшовчи оилаларнинг фарзандлари учун бунёд этилган болалар майдончасига турли ўйин қурилмалари ўрнатилди.
Янги уй билан таъминланганлар орасида майор Мурод Пўлатов ҳам бор.
«Уй тўйига келган қариндош-уруғ ва яқинлар бизни қўшалоқ байрам билан табриклади, — деди у. — Янги Йилни янги уйда кутиб олиш барчамизнинг хурсандчилигимизни икки ҳисса ошириб юборди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик биз, ҳарбийларни юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида янада масъулият билан хизмат қилишга ундайди».
Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)