Англия ва Уэльс хайрия комиссияси (Charity Commission) Жедайлар орденини (The Temple of the Jedi Order) диний хайрия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Комиссия вакиллари ўз қарорларини «жедайчиликка дунёвий ёки диний унсур етишмаслиги» билан тушунтирди.
Орден вакиллари 2016 йил кузида комиссияга мурожаат қилган эди. Мурожаатни кўриб чиққан комиссия ташкилот диндан кўра кўпроқ жамоат кучига боғлиқ, деган қарорга келди.
«Жедайлар ордени — бутунича интернетга йўналтирилган ҳамжамият, жедайлар ҳам интернет гуруҳидан бошқа нарса эмас. Бизда ташкилот инончида марказий ўринни ахлоқий камолот эгаллайди, деб ҳисоблаш учун етарли далил йўқ», — дейилади Charity Commission йўллаган жавобда.
Жедайлар ордени АҚШнинг Техас штатида нотижорат хайрия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтган. 2015 йилда у Янги Зеландиядан рўйхатдан ўтказилмаган эди.
Орден аъзолари «Юлдузли жанглар» кинофраншизаси оламининг фалсафасидан илҳомланади, франшиза эса, ўз навбатида, Жозеф Кэмпбелл асарларига асосланади.
Изоҳ (0)