Пар куртка (пуховик) – совуқ пайтларда кийиладиган энг оммабоп устки кийимлардан бири ҳисобланади. Иссиқ, қулай ва ихчамлиги учун, ким ва қандай ёшда бўлишидан қатъи назар, барча аёлларга мос келади. Лекин, бундай курткани қандай кийим билан кийиш кераклигига эътибор беришингиз лозим.
Тўладан келган аёллар, яхшиси, узунлиги тиззагача ёки тиззадан пастда бўлган классик бичимдаги пуховикларни танлагани маъқул, бу вариант айниқса, ҳомиладор аёллар учун ҳам мос келади.
Уларни паст пошнали оёқ кийим ва узун шимлар билан кийиш тавсия қилинади. Хушқомат қизларга эса калта бичимдаги пуховиклар жуда мос келади, уларни ҳар қандай кийим билан ҳам кийиш мумкин.
Пар куртка йўғон пошнали узун этик ва тор жинси билан мос тушади. Мўйна билан безалган капюшонли куртка – узун шарф ва жун юбка билан биргаликда романтик кўриниш бағишлайди.
Кўйлак ва юбкаларни ҳам ҳар қандай узунликдаги пуховиклар билан кийса бўлади. Этаги сал кенгроқ қилиб тўқилган кўйлак ва леггинс пар пальто билан жуда мос тушади. Оёқ кийимлардан эса, замонавий мўйнали ботильонни танлаганингиз маъқул.
Изоҳ (0)