Олий Лиганинг 2016 йилги мавсуми иккинчи ярмини «Бухоро» футбол клубида ўтказган молдовалик футболчи Вадим Чемиртан янги мавсумга тайёргарликни «Бунёдкор» сафида бошлади. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри хабар берди.
Чемиртан «қалдирғочлар» билан оғзаки келишувга эришгани учун ҳам «Бунёдкор» сафида машғулот олиб бормоқда. У «Бухоро» сафидаги 11 та ўйинида 8 та гол уриб, жамоасининг кучли тўртликка киришига ҳисса қўшганди. Ҳужумчи ҳозир 29 ёшда.
Аввалроқ «Бунёдкор» клуби бош директори Бахтиёр Бобоев интервью бериб, жамоаси 2016 йилги мавсум легионерлардан ёлчимагани ҳақида айтиб ўтганди. Натижада Шакер Зуаги (Тунис), Александар Алимпиевич (Сербия), Минори Сато (Япония), Юрица Булят (Хорватия) каби футболчиларга жавоб бериб юборилганди.
Вадим Чемиртаннинг «Бунёдкор» сафига йўл олаётгани «Бухоро» футбол клуби мухлисларига хуш келмаётганини уларнинг ижтимоий тармоқларда қолдираётгани фикрларидан ҳам билиш мумкин. Улар орасида Чемиртан учун пул йиғиб беришга тайёрлари ҳам бор.
Маълумот учун, «Бухоро» келаси мавсум учун халқаро майдонга йўл ола билмаган. «Бунёдкор» эса Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-оффида иштирок этади. Гуруҳ босқичига чиқиши учун клуб Сардор Рашидов тўп сурадиган Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубини мағлуб этиши керак бўлади.
Изоҳ (0)