Қоҳира шимолида Миср полицияси Рождество байрами арафасида терактлар амалга оширишни режалаштирган экстремистлар гуруҳини қўлга олди. Икки нафар террорчи Дакахлия вилоятида қўлга олинди, деб хабар беради «ТАСС».
ИИВ баёнотига кўра, ҳибсга олинганлар чет элдан моддий кўмак олиб турган ҳамда январь ойининг охирида ўтказиладиган Полиция кунида терактлар уюштиришни режалаштириб келган. Уларнинг ёнидан ҳужум нишони бўлгани тахмин қилинаётган инфраструктура объектларининг суратлари топилди.
Яна тўрт нафар жангари Шибин ал-Қанотир шаҳрида ушланди. Полиция ИШИД билан боғлиқ гуруҳ шу ерда ўрнашгани ҳақида маълумот топиб, махсус операция ўтказди. Тинтув чоғида террорчиларнинг ёнидан ўқотар қурол ва ўқ-дори топилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)