Шифокорлар яна бир бор Марсга парвоз фазогирлар соғлиғига зиён келтириши мумкинлигидан огоҳлантирди, деб ёзади «National Geographic Россия».
Инсон танаси гравитациясиз муҳитга мослашмагани боис фазони меҳмондўст деб ҳисоблаб бўлмайди. Тана мушаклари фазода Ердагидан кўра камроқ босим остида бўлади, шу боис улар атрофияга учрайди, яъни кераксиз бўлгани боис ишдан чиқа бошлайди. Одатий юкламадан қутулган суяклар ҳам заифлашиб боради. Қуёш радиацияси ҳам жиддий муаммолардандир.
Калифорния университети олимлари ўз тадқиқотларини шунга бағишлади. Тажриба сичқонлари мисолида улар юқори энергетик зарраларнинг мияга таъсирини ўрганди. Тадқиқот натижалари Scientific Reports журналида чоп этилди.
Тажрибалар NASA космик радиацион лабораториясида ўтказилди. Кемирувчилар ионлашган кислород ва титан зарралари билан радиацияланди — космик муҳитда кўп бўлган одам айнан шунақа зарралар таъсирига учрайди.
Олти ойлик тадқиқотлардан сўнг нерв тўқималари жиддий зарар кўргани, мияда яллиғланиш жараёнлари бошлангани аниқланди. Сичқонларнинг хотира ва таълим тестлари бўйича кўрсаткичлари тушиб кетди. Бундай эффект миясида ўсимта бор, радиотерапиядан ўтаётган хасталарда кузатилади.
Таъкидланишича, фазонинг бундай салбий таъсири аввалдан маълум бўлиб, тадқиқотлар буни яна бир бор тасдиқлади. Муаммони ҳал қилишнинг бир қанча йўллари таклиф қилинмоқда — корпус ҳимояси учун ўзига хос материалдан фойдаланиш, магнит қалқон ишлаб чиқиш ва ҳоказо.
Халқаро космик станцияда ишловчи фазогирлар Қуёш нурланишидан Ер магнитосфераси ёрдамида ҳимояланган, аммо уларнинг организми ҳам маълум даражада космик парвоз оқибатларини сезади.
Изоҳ (0)