Осиё Чемпионлар Лигасининг 2017 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Here it is! The official #ACL2017 Group Stage draw results!#TheAFC #OAOG #Football #Asia pic.twitter.com/4pfs5cXwYE
— AFC (@theafcdotcom) December 13, 2016
Мусобақанинг гуруҳ босқичига Ўзбекистондан фақатгина мамлакат чемпиони «Локомотив» тўғридан-тўғри йўл олган. «Насаф» ва «Бунёдкор» клублари эса бунинг учун плей-офф босқичида иштирок этиши керак.
«Локомотив» 2017 йилги мавсум «А» гуруҳида иштирок этади. Бу гуруҳдан, шунингдек, Амирликларнинг «Ал-Аҳли», Саудиянинг «Ат-Тавун» клублари жой олди.
Гуруҳдаги тўртинчи жамоа номига плей-офф босқичидан кейин ойдинлик киритилади. Эроннинг «Истиқлол» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клублари бу йўлда ўзаро рақобат ҳосил қилади.
Маълумот учун, «Локомотив» билан рақиб бўлиб улгурган «Ал-Аҳли» БАА чемпионатида 3-ўринни эгаллаб турибди. «Ат-Тавун» эса Саудия лигасида еттинчи поғонада бормоқда.
Ўзбекистон Олий Лигасида 2-ўринни қўлга киритган «Бунёдкор» клуби плей-офф босқичидан муваффақиятли ўта олса, «C» гуруҳидан жой олади. Бунинг учун «қалдирғочлар» Сардор Рашидов тўп сурадиган ва Қатар Юлдузлар Лигасида пешқадам бўлиб турган «Ал-Жаиш»ни мағлуб этиши керак.
Қаршининг «Насаф» клуби гуруҳ босқичига қўшилиши учун иккита рақибни енгиши керак: аввалига «Ал-Хидд» (Баҳрайн), кейин эса «Ал-Фатеҳ» (Саудия). Шундан сўнг Қарши клуби Чемпионлар Лигасининг «B» гуруҳига қўшилиши мумкин бўлади.
Маълумот учун, сўнгги икки мавсумда Ўзбекистоннинг 4 тадан клуби Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этди. «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» ҳар икки сафар ҳам гуруҳ босқичида қолиб кетди. «Локомотив» эса иккинчи уринишда чорак финалга қадар етиб борди.
Ўзбекистон клубларининг Осиё Чемпионлар Лигасидаги энг яхши натижаси ярим финал бўлиб, «Пахтакор» 2003, «Бунёдкор» эса 2008 ва 2012 йилги мавсумларда финал остонасига қадар етиб борган.
Изоҳ (0)