Ингушетия ташқи алоқалар, миллий сиёсат, матбуот ва ахборот вазирлиги Плиево қишлоғи мадрасасида Қуръон ҳофизлари танловини ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Тадбир Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар таваллуд кунига аталди. Танловда Қуръоннинг охирги жузи, суралар, оятлар ва тажвид тартибини билган барча истовчилар иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Ингушетиянинг таниқли уламолари аъзо бўлган ҳайъат нафақат муқаддас Китобнинг ёд олиниши, балки араб ҳарфлари ва товушларининг тўғри талаффуз этилишига ҳам эътибор берди», — дея таъкидлади матбуот хизмати.
Танлов давомида пайғамбар (с.а.в.) ҳаётига оид саволлар ҳам берилгани билдирилмоқда.