Ўзининг сўнгги мавсумини Ўзбекистон биринчи дивизионига тушиб кетган «Андижон» сафида ўтказган Павел Смоляченко Малайзиянинг «Т-Тим» клуби сафида қолиш учун кўрикдан ўтаётгани ҳақида хабар берилганди.
«Championat.asia» нашри маълумотига кўра, Смоляченко малай клуби сафида ўртоқлик ўйинида иштирок этди ва гол урди. Маҳаллий «Football Plus FC» клубига қарши беллашув «Т-Тим»нинг 9:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.
Учрашувда Павел Смоляченконинг қанча тўп сургани ҳақида маълумот йўқ. Унинг голига қадар жамоадошлари 6 бор муваффақият қозониб бўлганди.
Қайд этиш керак, Россия миллий терма жамоасидаги ўйинлари орқали танилган Дмитрий Сичев ҳам «Т-Тим» сафида кўрикда бўлиб турганди. Ўртоқлик ўйинида у ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлган.
Бу икки футболчининг Малайзияда қолиш ёки қолмаслиги масаласи ҳали тўлиқ ҳал этилмаган.
Изоҳ (0)