Тайваннинг Foxconn компанияси катта менежери олти мингта iPhone 5 ва 5s’ни ўғирлаш ва сотиб юборишда айбланмоқда. Компания iPhone’нинг йирик йиғувчиси ҳисобланади. Бу ҳақда Тайвань прокуратурасига таяниб, AsiaOne маълум қилди, деб ёзади TJournal.
Тергов маълумотларига кўра, маҳсулотларни синовдан ўтказиш бўлимининг катта менежери Apple компаниясининг қурилмалари йиғилувчи Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳридаги ҳамкасбларига заводдан контрабанда йўли билан бир неча минг iPhone 5 ва iPhone 5s’ни олиб чиқишни буюрган.
Олиб чиқилган қурилмалар синовдан ўтмаганлиги учун яроқсиз деб топилган. Бироқ бу тайванликка мазкур қурилмаларни 2013—2014 йилларда Шэньчжэндаги дўконларда сотиб юборишига тўсқинлик қилмади. Ноқонуний даромаднинг умумий суммаси 2,2 миллион долларни ташкил қилган.
Қурилмаларнинг йўқолганлиги ички текширувдан сўнг маълум бўлган. Ҳозирги пайтда собиқ менежер сўроқ қилинган ва мамлакатни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилган. Унга ўн йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)