Жанубий Корея парламентида мамлакат президенти Пак Кин Хега импичмент эълон қилиш учун етарли овоз тўпланди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги манбаларига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Давлат раҳбарини лавозимидан четлатиш учун 300 депутатдан камида 200 нафари буни ёқлаб овоз бериши керак. Мухолифат ва мустақил депутатлар жами 172 овозга эга. Шу сабабли ҳукмрон «Сэнури» партиясининг камида 28 нафар депутати қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Партия вакили Хван Ян Чуль бунга эришиш мумкинлигини билдирди.
«Президентнинг кечаги чиқишидан сўнг импичмент зарурлигига шубҳа қилишимиздан хавотир бор эди. Бироқ энди қатъий айтиш мумкинки, бу масалага муносабатимиз янада мустаҳкамланди», — дея баёнот берди вакил. Олдинроқ Пак Кин Хе бунинг учун зарур сиёсий шароитлар туғилган тақдирда лавозимини тарк этишга тайёрлигини билдирганди.
Парламентда президентга импичмент масаласида овоз бериш 2—9 декабрь оралиғида ўтказилиши режалаштирилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)