«Юлдузча» шоусини тўхтатиш керак, деб фикр билдирди журналист Дилфуза Комилова Facebook саҳифасидаги чиқишида. Унинг шу хусусдаги фикрлари «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтида чоп этилди.
«Болалар телевизион танловида ҳакамлик қилаётганларнинг вазифаси иқтидорли болаларни саралаш, рағбатлантиришми ёки ‘маънан жаллодлик’ қилишми?! Бу халқ артистларининг болаларга қилаётган совуқдан совуқ, бетакаллуф, гоҳида очиқдан-очиқ адолатсизлик қилиши кўпчиликда норозилик уйғотиб бўлди. Ёш болаларга ўзига яраша, уларни йиғлатмайдиган тарзда ширин муомала қилишни билмайдиган; юзига ўта жиддий, ҳатто қаҳрли тус бериб ўтирадиган; кескин-кескин оҳангда, гоҳида ўта мужмал фикр билдирадиган; ёш болалардан профессионаллик талаб қиладиган бу ҳакамларни алмаштиришнинг иложи бўлмаса, шоуни тўхтатиш керак», — деб фикр билдирган муаллиф.
Бу борада журналист Муножат Йўлчиевага алоҳида тўхталган бўлиб, унинг «Бу ижроингиз менга ёқмади» деган совуқ оҳанги катта одамнинг ҳам этини жунжиктириши қайд этилган.
Мумтоз қўшиқ айтишни ният қиладиган болажонларнинг кескин танқид қилиниши, енгил-елпи чет эл қўшиқларига катта эътибор берилишига олиб келиши мумкинлиги эътироф этилган:
«Мумтоз қўшиқларимизни айтган болаларга ‘Бу қўшиқ ёшингизга тўғри келмайди’ деган баҳона билан ‘йўқ’ деяётган ҳакамлар, севги-муҳаббат ҳақида инглизча қўшиқ айтган иштирокчи болаларга кўпинча таҳсинлар ўқишади».
«Бунақа телевизион танловлар дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ўтказилади. Аммо уларда болалар йиғласа севинчдан, хурсандчиликдан йиғлайди, ҳатто, танловдан ўтолмаганлар ҳам яхши кайфият билан қолади. Негаки, бу танловларда ҳакамлар завқ билан, болаларча беғубор кайфият билан, самимий ҳакамлик қилишади», — дейилган мақолада.
«Бу муомала уларнинг ҳаётига таъсир этиши ҳам мумкин. Ҳакамлик қилаётган халқ артистлари халқнинг кичкинтой вакилларига мос муомала қилишни эплолмас эканлар, ҳеч бўлмаса очиқ юз билан, ясама бўлса ҳам жилмайиб ўтиришни амалламайдиларми?! Уларнинг тусидаги жиддийлик ва совуқликни кўриб, катта одам ҳам эсанкираб қолади-ю, бечора болажонларимиз тағинам ўзларини йўқотмай, умид билан танловда иштирок қиляптилар», — деган жумлалар билан ўз чиқишига якун ясаган Дилфуза Комилова.
Изоҳ (0)