1980 йилларда National Geographic муқовасида чиққанидан сўнг машҳурликка эришган афғонистонлик аёл Шарбат Гула Ҳиндистонда бепул даволаниш курсидан ўтади. Бу ҳақда Афғонистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Шаида Абдалий Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Машҳур Шарбат Гула яқинда Ҳиндистонда бўлади, у бу ерда бепул даволанишдан ўтади», — дейилади у қолдирган хабарда.
Sharbat Gula to receive free of cost treatment in India https://t.co/3Xv1zlPEbg via @khaama
— Dr Shaida Abdali シャイダ・アブダリ博士 (@ShaidaAbdali) November 12, 2016
Гепатит-C вирусидан азият чекаётган Шарбат Гула мамлакат жанубидаги Бангалор шаҳрида даволанади.
Аввалроқ Шарбат Гула қалбаки ҳужжатлар сабаб Покистонда ҳибсга олингани, у 14 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Шундан сўнг уни Покистондан ўз ватанига қайтариб юборишди. 8 ноябрь куни National Geographic журналидаги машҳур сурат қаҳрамони Торхам чегара пунктига келтирилди ва Афғонистон вакилларига топширилди.
9 ноябрь куни Шарбат Гула Афғонистон президенти билан учрашди. Ашраф Ғани унга янги хонадон калитини топширди, шунингдек, Гуланинг оила аъзолари таълими ва саломатлиги ҳақида қайғуришга ваъда берди. Кобул кўчаларига аёлнинг Афғонистонга қайтганини шарафловчи билбордлар ўрнатилди.
Гула 1984 йили, унинг сурати National Geographic журнали муқовасида босилиб чиққанидан сўнг машҳур бўлиб кетган. Ўша вақтда у Афғонистондаги қочқинлар лагерида яшар эди.
Изоҳ (0)