АҚШнинг Newsweek журнали янглишлик туфайли президент сайловида Ҳиллари Клинтон ғалабасига бағишланган сонини сотувга чиқариб юборди. Бу ҳақда, The New York Post нашрига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Айтилишича, нашр соннинг бирйўла икки вариантини тайёрлаб қўйган бўлиб, уларнинг бири Клинтоннинг, бири эса Трампнинг ғалабасига бағишланган эди. Икки версия ҳам дистрибьютор — Topix Media компаниясига етказилган эди. Аммо компания Ҳиллари Клинтоннинг ғалабасига ишонган ҳолда дўконларга фақат битта версияни йўллади.
Натижада журналнинг киоскалардаги охирги сони бош саҳифасида «Президент хоним» сўзлари акс этди. 125 минг нусхада чоп этилган журнал версиясини 17 киши сотиб олишга улгурди. Шундан сўнг тираж қайтариб олинди, ўқувчилардан эса кечирим сўралди.
Изоҳ (0)