Жанубий Кореяда АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонганидан ташвиш билдирилмоқда. У олдинроқ Корея ярим оролидан америкалик ҳарбийлар олиб чиқилиши ва Сеул билан эркин савдо ҳақидаги келишув қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтганди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биз таажжубдамиз, бу янгилик албатта ярим оролдаги вазиятга таъсир ўтказади. Дональд Трамп америкалик ҳарбийлар ярим оролдан олиб чиқилиши ҳақида гапирганди. Бу сиёсатни қабул қилиш мумкин эмас, чунки АҚШнинг Осиёда бўлиши нафақат Жанубий Корея, балки Америка манфаатларига ҳам хизмат қилади», — дея таъкидлади ташқи ишлар бўйича кенгаш раиси, мамлакатнинг Россиядаги собиқ элчиси Тай-Ик Чанг.Собиқ элчи Трамп президентликка номзодлик чоғида Ким Чен Ин билан кўришиши мумкинлиги ҳақида айтгани, бироқ кейинчалик фикридан қайтиб, Шимолий Корея раҳбари ядровий сиёсатини ўзгартирмагунича учрашмаслигини маълум қилганини эслатиб ўтди.
«Кўриниб турибдики, Корея ярим ороли бўйича янгича қараш ҳали шаклланмаган. Инаугурация маросимидан сўнг Трампнинг сиёсати ҳаётийроқ бўлади, деб ўйлайман», — деди Тай-Ик Чанг.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)