Буюк Британия шаҳзодаси Гарри янги дугонаси, америкалик актриса Меган Марклнинг хавфсизлигидан хавотирланмоқда. Маркл охирги пайтларда ҳақоратларга дучор бўлмоқда, шунингдек, фотомухбирлар таъқибидан азият чекмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
Кенсингтон саройи тарқатган расмий баёнотда шаҳзоданинг актриса билан муносабатлари тасдиқланди. Шу билан бирга, ҳужжатда айтилишича, қизнинг шахсий ҳаётига маълум таҳдидлар мавжуд.
«Унинг (шаҳзода Гаррининг) дугонаси Меган Маркл ҳақоратлар тўлқинига дучор бўлди. Бу ҳақоратларнинг айримлари оммавий тарзда эълон қилинди — миллий нашрларнинг биринчи саҳифаларидаги иғво, ижтимоий тармоқлардаги ва газета мақолаларининг изоҳларидаги ирқчилик ҳамлалари шулар жумласидан», — дейилади баёнотда.
Жуфтлик жорий йилнинг май ойида, шаҳзода Торонтода ўзининг Invictus Games спорт лойиҳасини тарғиб қилаётганида танишди. Ўша пайтда бу шаҳарда Меган Маркл рол ижро этаётган Suits телесериали суратга олинаётган эди.
Изоҳ (0)