Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон ташқи ишлар давлат вазири Мубашар Жавод Акбар 31 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлди. Дипломат Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди, деб хабар беради ЎзА.
«Меҳмон дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Йўлбошчимиз қабрига гул қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Ислом Каримов руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти Ҳиндистон ҳукумати ва халқини ҳам чуқур қайғуга солди, — деди Жавод Акбар. — Чунки Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки халқаро майдонда юксак нуфузга эга, тинчликпарвар, доно сиёсатчи эди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида Ислом Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди. Биз бу алоқаларни изчил давом эттиришга тайёрмиз».
Ҳиндистонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг қарийб уч минг йиллик тарихидан сўзловчи «Афросиёб» музейидаги ноёб экспонат ва ашёлар, дунёга машҳур деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилди. Шаҳар ўтмиши акс эттирилган ҳужжатли фильм уларда катта таассурот қолдирди.
Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш чоғида мазкур ёдгорликнинг яратилиш тарихи, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.
Мирзо Улуғбек ёдгорлик мажмуи ва шаҳардаги бошқа тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ҳиндистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди, деб хабар беради ЎзА.
Изоҳ (0)