Daryo

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари бир асрлик чегара муаммосини ҳал қилувчи битимларни имзолади

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 1 минг 6,84 километрни ташкил этади, шундан 519,9 километри 2011 йилгача, 486,94 километри эса сўнгги уч йил ичида аниқланган. Ўнлаб баҳсли участкалар туфайли у ерда вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар юз бериб турарди

2 дақиқа ўқиш12 761 кўришлар0 изоҳ0

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасидаги Давлат чегараси тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда “Кабар” агентлиги хабар бермоқда.

Фото: “Кабар” агентлиги

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида “Интймак Ордо” қароргоҳида ўтказилган тантанали тадбирда икки мамлакат раҳбарлари “Давлат чегараси” тўғрисидаги битимни имзолаган.

Маросимда Президентлар мамлакатларни қадимий тарих боғлаб туриши, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича позицияларнинг ўхшашлигини таъкидлаган. Шунингдек, имзоланаётган мустаҳкам ҳужжатлар тўплами икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очишини билдиришган. 

Аввалроқ Қирғизистон-Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари ҳамраислари Камчибек Ташиев ва Саймумин Ятимов тўлиқ келишувга эришилганини маълум қилган эди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 1 минг 6,84 километрни ташкил этади, шундан 519,9 километри 2011 йилгача, 486,94 километри эса сўнгги уч йил ичида аниқланган. Ўнлаб баҳсли участкалар туфайли у ерда вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар юз бериб турарди.

Фото: кактус.медиа

Икки давлат ўртасидаги чегара масаласи

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегарани белгилаш бўйича музокаралар 2002 йилда бошланган. 2022 йилгача улар мунтазам бўлмаган ва узоқ танаффуслар билан ўтказилган. Ўша пайтда чегаранинг 972 километр умумий узунлигидан томонлар атиги 50 фоиздан сал кўпроғини аниқлай олганди.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги кўплаб баҳсли ҳудудлар туфайли маҳаллий аҳоли ўртасида сув, ер, йўллар ва яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича тез-тез низолар келиб чиққан. Сўнгги йилларда бу можароларга ҳарбийлар ҳам аралаша бошлаган эди.

2021 йил апрель май ва 2022 йил сентябрь ойларида чегарада икки давлат ҳарбийлари иштирокида кенг кўламли қуролли тўқнашувлар юз берди, оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. 2021 йил май ойидан бошлаб Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара Қирғизистон томонининг қарорига кўра ёпиб қўйилди.

Сўнгги йирик можаро томонларни музокаралар жараёнини тезлаштиришга мажбур қилди. 2022 йил кузидан бугунги кунга қадар икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича ўнлаб учрашувлар ўтказилди. Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари навбатма-навбат Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилди, бироқ бу учрашувларнинг тафсилотлари ошкор этилмади.

2022 йилнинг кузида мамлакатлар ўртасида чегара можароси кескинлашган. Томонлар жанговар ҳаракатлар бошланишида бир-бирларини айблайди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги отишма натижасида 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлгани, ҳукумат 140 мингга яқин кишини эвакуация қилганини маълум қилган. Тожикистон ТИВ 83 нафар тожикистонлик ҳалок бўлганини айтган.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар