Исландияда бўлиб ўтган парламент сайлови якунларига кўра, мамлакат бош вазири Сигюрдюр Инги Йоуханнссон ўз лавозимини тарк этади ва ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини Исландия президентига топширади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Бош вазир Тараққиёт партияси аъзоси эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур партия сайловда 11,5 фоиз овоз олди ва сайлов пойгасида тўртинчи бўлиб турибди.
Биринчи ўрин «тараққиётчилар»нинг ҳукмрон коалициядаги собиқ ҳамкори – Мустақиллик партиясига насиб этди.
Исландия қонунчилигига мувофиқ, президент янги ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини парламент сайловида биринчи ўринни эгаллаган партияга топширади.
«Мен ўз ваколатимни президент Гвюднига топширишим керак», - деди бош вазир маҳаллий телевидение орқали қилган чиқиши чоғида.
Ҳозирда Исландияга Гвюдни Торласиюс Йоуханнссон президентлик қилмоқда, у 1 август куни бўлиб ўтган сайловда ғолиб чиққан.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)