Тожикистонда 29 октябрь, шанба куни Роғун ГЭСининг дунёдаги энг йирик сув тўғони (335 метр) қурилиши бошланди. Тўғон қурилишининг бошланиши ҳамда Вахш дарёси ўзанининг тўсилишини мамлакат президенти Эмомали Раҳмон, ҳукумат аъзолари ва парламентарийлар кузатиб турди, деб хабар беради «ТАСС».
Роғун ГЭСи Вахш ГЭС каскадида тўққизинчи бўлиб, Душанбедан 110 километр жануби-шарқда жойлашган. Лойиҳавий қуввати — 3600 МВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариш — 13,1 миллиард кВт/соат. ГЭС биносида ҳар бирининг қуввати 600 МВт га тенг олтита радиал-ўқли гидроагрегат ўрнатилади.
Тўғон қад кўтаргач, унинг ортида 13,3 километр куб тўлиқ ҳажмга, 10,3 километр куб фойдали ҳажмга эга Роғун сув омбори пайдо бўлади.
Лойиҳанинг тўлиқ қуриб битирилишига 2,2 миллиард доллар, биринчи навбатининг қуриб битирилишига 590 миллион доллар кетиши айтилмоқда. Роғун ГЭСининг биринчи агрегати 2018 йил охирида, иккинчиси эса 2019 йил апрелида ишга туширилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)