Буюк Британияда истиқомат қилувчи эркак болаликда бобоси совға қилган тангалар солинган қопчиқ ичидан ноёб Queen Anne Vigo тангасини топиб олди. Ушбу танга 250 минг фунт стерлингга баҳоланмоқда, деб хабар беради Daily Mail.
Хартфордшир графлигида истиқомат қилувчи 35 ёшли эркак болалигида бобоси томонидан совға қилинган тангаларни ўйнаб туриши учун ўғилчасига берди. Бу тангалар шу пайтга қадар бошқа қадрдон буюмлар солинган ғаладон ичида турганди. Қиролича Анна тасвири ва Vigo сўзи зарб этилган беш гинеялик олтин танга эркакнинг диққатини тортди. У танганинг бугунги қийматини билиш мақсадида уни аукционистга олиб борди.
Экспертнинг кутилмаган жавоби эркакни ҳайратга солди — танга бугун ноёб буюмлар бозорида 250 минг фунт стерлинг ёки 306 минг долларга баҳоланар экан. Аукционист Грегори Тонгнинг гувоҳлик беришича, бу рақамни эшитган танга эгаси қулоқларига ишонмаган.
Танга 1703 йилда Англия танга саройида зарб этилган. У 1702 йилги денгиз жанги пайтида Виго бухтасида қўлга олинган испан кемасида қўлга киритилган олтиндан сўқилган. Бу тангалар жами 20 ададда чиқарилган бўлиб, улар ўша пайтдаёқ ўта ноёб ҳисобланган. Шу пайтга қадар улардан 15 таси турли коллекцияларда сақланаётгани маълум эди. Танга оғирлиги — 42 грамм.
Танга 16 ноябрь куни ким ошди савдосига қўйилади.
Изоҳ (0)