Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячи Тони Кроосга 2022 йилгача мўлжалланган йилига 20 миллион евролик шартнома таклиф қилади ва уни футбол тарихидаги энг кўп маош олувчи германияликка айлантиради. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
26 ёшли футболчининг Мадрид клуби билан амалдаги шартномаси 2020 йилда ўз ниҳоясига етади. Унга кўра, Крооснинг йиллик маоши 10,9 миллион еврони ташкил этади. Ярим ҳимоячи янги шартномадан 120 миллион евро ишлаб олиши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда «Бавария» ҳужумчиси Томас Мюллер энг кўп маош олувчи германиялик футболчи ҳисобланади. Унинг йиллик маоши 15 миллион еврога тенг. Кейинги ўринларни мос равишда «Манчестер Юнайтед» хавбеки Бастиан Швайнштайгер (14 миллион евро) ва «Манчестер Сити» аъзоси Илкай Гюндоган (12 миллион евро) эгаллаган.
Маълумот учун, 2014 йили «Бавария»дан 30 миллион евро эвазига «Реал»га келиб қўшилган Кроос мадридликлар сафида 108 ўйинда иштирок этиб, 4 та гол киритган.
«Қироллик клуби» сафида Тони Кроос Чемпионлар Лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва икки марта Европа Суперкубоги ғолиби бўлган.
Изоҳ (0)