McDonald’s ресторанлари тармоғи ўзининг рамзига айланиб қолган масхарабоз Роналд МакДоналд иштирок этадиган тадбирлар сонини қисқартиради. TJournal’нинг The New York Post нашрига асосланиб маълум қилишича, бунга номаълум шахслар масхарабозлар либосида инсонларга ҳужум қилиши ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабаб бўлди.
McDonald’s расмий вакили Терри Хикки Роналд МакДоналднинг тадбирлардан четлаштирилиши вақтинчалик эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Август ойидан буён хориж давлатларида масхарабозлар либосидаги шахслар иштирокидаги кўнгилсизликлар кузатилмоқда. Масхарабозлар одамларни қўрқитаётгани билан боғлиқ воқеалар даставвал АҚШнинг қатор штатларида, сўнг Австралия ва Буюк Британияда кузатилди. Бир муддат илгари Ливерпулда ушбу воқеаларга алоқадор ҳазил туфайли саккизта мактаб эвакуация қилингани маълум бўлган эди.
Тахмин қилинишича, масхарабозлар ҳамласи Стивен Кингнинг «У» романи янгитдан саҳналаштирилиши бўйича маркетинг кампаниясидир. Сюжетга кўра, болалар катталарнинг ёрдамисиз масхарабоз қиёфасидаги Пеннивайз исмли даҳшатли мавжудотга қарши курашади. Фильм 2017 йил 7 сентябрида катта экранларга чиқади.
Роналд МакДоналд 1963 йилдан буён McDonald’s рамзи ҳисобланади.
Изоҳ (0)