Минскда истиқомат қилувчи 11 ёшли мактаб ўқувчиси 4 ой давомида уч нафар дўсти кўмагида отасидан пул ўғирлаб келгани аниқланди. Полиция расмий вакили Татьяна Ковалёванинг сўзларига қараганда, келтирилган зарарнинг умумий ҳажми 10 минг Беларусь рублини (5,2 минг доллар) ташкил қилган, деб хабар беради «Интерфакс».
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ахборотига кўра, ўспирин отасининг рухсатисиз пул сақланадиган хона калитини олиб, у ердаги пулни қисмлаб олиб чиққан, бу пайтда эса унинг дўстлари эшикни пойлаб турган.
Бола бу пулларни кўнгил очишга ва дўстларига қимматбаҳо совғалар олиб беришга сарфлаган. Жумладан, у дўстларига 600 рублга велосипед, iPhone, спорт буюмлари олиб берган. Дўстларидан бирига 600 рубль бериб, онаси телевизор сотиб олиши учун тақдим этишини айтган. Ёз ойлари давомида дўстлар ҳар куни кўнгилочар боғлардаги аттракционларда учган, кунига бир неча маротаба McDonald’s ресторанларида овқатланган.
Болалар вояга етмагани боис уларга нисбатан иш қўзғатилмайди. Аммо уларнинг ота-оналарига нисбатан болаларни тарбиялаш бўйича вазифасини бажармаслик юзасидан маъмурий баённомалар тузилади.
Изоҳ (0)