Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломовнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг лойиҳалар координатори Жон Макгрегор билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Учрашувда М.Абдусаломов Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача ахборот берди.
Учрашувда қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси ва ЕХҲТнинг ҳамкорлиги самарали ривожланиб бормоқда. ЕХҲТ лойиҳалар координаторининг Тошкентдаги офиси «Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида мамлакатда сайлов амалиётини янада демократлаштиришнинг турли масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар, анжуман ва семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этди.
Қайд этилганидек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда парламент ва президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни юзасидан бир неча марта кузатув олиб борди. Бюро шу йилнинг 11—14 октябрь кунлари Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилди.
Изоҳ (0)