Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоалари ўртасидаги 6 октябрь куни бўлиб ўтган ЖЧ—2018 саралаши доирасидаги ўйиндан кейин форслар устози Карлуш Кейруш ўз фикрларини билдириб ўтди, деб ёзди «Championat.asia».
«Ўзбекистон тўпни асосан майдоннинг ўзига тегишли қисмида эгаллаб турди ва уни ҳужум чизиғига узатишга уринди. Биз эса гол урдик ва ғалабага эришдик», — деб гап бошлади португалиялик мутахассис.
У Сардор Азмун, Ашкан Дежага, Алиризо Жаҳонбаҳш каби етакчи футболчиларнинг бошланғич таркибига киритилмаганини тактик қарор экани билан изоҳлади. Кейинроқ эса Азмун ва Жаҳонбаҳшнинг захирадан қўшилиб, ўйинда яхши иштирок этганини тушунтирди.
«Ўзбекистоннинг ўйини қовушмаганида Эроннинг ҳиссаси катта бўлди. Сурия ва Қатарга қарши Ўзбекистоннинг ўйинларини кўриб, рақибни ўрганиб чиққандим. Биз уларга зарба бериш имконини бермадик ва зафар қучдик. Эрон термаси футболчиларини табриклайман», — деди Кейруш.
Журналистнинг Ўзбекистонга қарши Кейруш бошқарувида бўлиб ўтган учта беллашувдан қайси бири форслар учун қийинроқ бўлгани ҳақидаги саволига мутахассис Теҳрондаги мағлубият деган жавобни қайтарди. Ўшанда Миржалол Қосимов бошқарувидаги Ўзбекистон термаси Эронни сафарда мағлуб этган бўлиб, бу ғалаба ҳозирга қадар ягонаси бўлиб турибди.
Маълумот учун, 4 йил муқаддам ЖЧ—2014 саралашида Ўзбекистон термаси бош мураббийи Вадим Абрамов Эрондан Тошкентда мағлуб бўлгани учун истеъфога чиқарилганди.
Изоҳ (0)