Таиланднинг шарқий қисмида жойлашган Сакэу провинциясида 5 октябрь, чоршанба куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда маҳаллий полиция маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълум қилишича, авария кучли жала вақтида юз берган. Ҳайдовчи автобусни жуда тез ҳайдаб, сўнгра бурилиш олдидан тормоз бера бошлаган. Оқибатда транспорт воситаси сурилиб кетиб, йўл тўсиғига бориб урилган ва ағдарилиб кетган.
«Ҳайдовчига йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқарган хавфли бошқарув бўйича айблов эълон қилинди», — дейилади полиция хабарида.
Автобус йўловчиларни Районг провинциясидан Мукдаханга олиб бораётган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганларнинг барчаси Таиланд фуқароларидир.
Изоҳ (0)