Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети ҳузуридаги Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотлари марказида 4 декабрь куни Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
Тадбирда Хитой эксперт-академик доиралари вакиллари, шу жумладан, Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети Ўзбек тили кафедрасининг мутахассислари иштирок этди.
Брифинг чоғида унинг иштирокчилари Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш бўйича фаол сайловолди кампанияси бошлангани, кузатувчиларнинг бу жараёндаги иштироки, сиёсий партиялар томонидан давлат раҳбари лавозимига илгари сурилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишиб чиқди.
«2014–2015 йиллари Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент ва президент сайловларига университетимиздан вакил бўлиб борган экспертлар сайлов жараёни юқори даражада ташкил қилинганига ҳамда сайловлар умумэътироф этилган халқаро меъёрларга тўла мувофиқ равишда ўтганига шахсан гувоҳ бўлиб қайтган эди. Ўзбекистонда навбатдаги сайловлар ҳам шаффофлик муҳитида ўтишига, барча номзодлар учун тенг шароитлар яратилишига ишончим комил», — деди Шанхай Халқаро тадқиқотлар университети партия қўмитаси котиби Цзянь Фэнь.
«Ўзбекистонда мустақил ривожланиш йиллари мобайнида катта ўзгаришлар рўй берди. Мамлакатда иқтисодий ўсишнинг изчил суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик кузатилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, замонавийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, бир-биридан чиройли иншоотлар барпо этилмоқда. Ҳар қандай ривожланган демократик давлатда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам олдинда турган сайловларда барча сиёсий партияларнинг иштироки таъминланмоқда. Ўз-ўзидан аёнки, бу сафар ҳам сайловолди кампаниясида ОАВ орқали тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишида барча номзодлар тенг имкониятлардан фойдаланади. Жумладан, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалалари юзасидан ўз қарашлари ифода этилган дастурларни электоратга етказиш учун номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Ўтган сайловлардаги овоз бериш чоғида фуқаролар юқори даражада фаол иштирок этгани республика аҳлининг ўз мамлакати давлатчилиги янада мустаҳкамланиши ва кучли парламентаризм институти шаклланишига ҳисса қўшишга ҳамда тизимли ўзгаришлар амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга бўлган интилишини намоён этди. Сайловлар муваффақиятли ўтишига тилакдошман», — деди Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотлари маркази директорининг ўринбосари Янь Бо «Жаҳон» билан суҳбат чоғида.
Изоҳ (0)