Венесуэла президенти Николас Мадуро 19 август куни АҚШнинг навбатдаги босимларига жавобан 4,5 миллиондан ортиқ милиция ходими сафарбар қилинишини маълум қилди. Бу ҳаракат Вашингтоннинг Мадуро боши учун мукофот пулини оширгани ортидан қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Мадуронинг айтишича, махсус режа асосида бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий кучлар жойлаштириб чиқилади.
“Мен бу ҳафта бутун мамлакат бўйлаб 4,5 миллиондан ортиқ милицияни сафарбар қиламан. Улар ҳар қандай шароитга тайёр ва қуролланган бўлади”, деди президент ўзининг телемурожаатида.
Венесуэла полицияси мамалакат собиқ президенти Уго Чавес даврида тузилган бўлиб, расмий маълумотларга кўра, у 5 миллионга яқин ҳарбийдан иборат. Бироқ таҳлилчилар бу рақам анча кўпиртирилганини айтади. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти сўннги кунларда Мадурони ҳибсга олиш учун мукофот миқдорини 50 миллион долларгача ошириб, президентни гиёҳванд моддалар контрабандасида айблаган эди. Шундан кейин, Вашингтон Кариб денгизига 3 та ҳарбий эсминец — Gravely, USS Jason Dunham вa USS Sampsonʼни жўнатган. Операцияда қарийб 4 минг денгизчи ва денгиз пиёдаси қатнашмоқда.
Мадуро АҚШ айбловларини “бемаъни ва асоссиз” деб рад этмоқда. Шу билан бирга у ишчи ҳамда деҳқонлардан иборат милиция сонини кўпайтириб, уларни қурол билан таъминлашини ваъда қилмоқда. Венесуэла раҳбари халқаро ҳамжамиятда АҚШ босимига қарши фикр билдирган давлатларга миннатдорлик билдирган. Жумладан, Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Мадуронинг Мексикадаги Синалоа картели билан алоқадорлиги ҳақидаги Вашингтон иддаоларини рад этган.
Изоҳ (0)