Тошкент шаҳридаги Республика олимпия захиралари теннис мактабида 8–15 октябрь кунлари мукофот жамғармаси 125 минг долларга тенг ATP туркумидаги Tashkent Challenger теннис турнири старт олади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Хабарда маълум қилинишича, дунёнинг 30 мамлакатидан 100 нафарга яқин профессионал теннисчи мазкур мусобақада иштирок этиш учун ариза топширди.
Tashkent Challenger турнирининг амалдаги чемпиони, ATP рейтингида 123-поғонани эгаллаб турган ўзбекистонлик Денис Истомин бу йилги баҳсларда ҳам иштирок этади. Ўзбекистонлик теннисчилардан, шунингдек, Санжар Файзиев (607), Жўрабек Каримов (754) ва Ҳумоюн Султонов (746) ушбу мусобақада қатнашади.
Мусобақада, шунингдек, дунёнинг етакчи теннисчилари – Иржи Весели (Чехия, 52), Жереми Шарди (Франция, 78), Рикардас Беранкис (Литва, 80), Евгений Донской (Россия, 95) ва Константин Кравчук (Россия, 99) ҳам бош соврин учун кураш олиб боради.
Маълумот учун, турнирнинг саралаш баҳслари 8–9 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ярим финалга қадар барча учрашувлар соат 10:00 да старт олади. Ярим финал босқичидан бошлаб беллашувлар 11:00 да ўтказилади.
Жуфтликлар баҳси финали 14 октябрга, яккалик баҳслари финали эса 15 октябрга белгиланган.
Изоҳ (0)