3 октябрь, душанба куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги халқаро аэропортдан одамлар эвакуация қилинди, олтита рейс кечиктирилди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Интерфакс».
Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота—Тбилиси йўналишидаги 141-рақамли рейсини расмийлаштириш давомида йўловчини шахсий кўздан кечириш пайтида симобга ўхшаш суюқлик бўлган идиш топилди.
«Авиация хавфсизлиги ходимининг шубҳали идишни мусодара этиш ҳақидаги талабига жавобан йўловчи огоҳлантиришсиз ва тушунтириш бермасдан идишни ахлат қутисига ташлаб юборди. Натижада суюқлик тўкилиб кетди», — деб таъкидлади аэропорт матбуот хизмати. Ушбу маълумот зудлик билан аэропорт хавфсизлиги учун жавобгар раҳбарият ва хизматлар, Олмаота Фавқулодда хизмати ҳамда полицияга етказилган.
Натижада учта ички ва учта халқаро рейс кечиктирилган.
Ҳозирги пайтда Олмаота халқаро аэропортидаги барча хизматлар фаолияти қайта тикланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳодиса юзасидан суриштирувни бошлади.
Изоҳ (0)