АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод Ҳиллари Клинтон сентябрь ойида ўзининг тарғибот кампанияси ва партия учун рекорд миқдорда — 154 миллион доллар жалб этишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда сиёсатчининг сайлов штаби маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
84 миллион доллар Клинтоннинг президентлик пойгасида иштирок этиши учун тўпланди, 70 миллион эса Демократлар партияси Миллий қўмитаси ва унинг штатлардаги бўлимлари учун мўлжалланган.
Клинтон тарғибот кампанияси менежери Робби Мукнинг билдиришича, сентябрда 900 мингдан ортиқ киши сайлов фондига хайрия қилди. Кампания бошланганидан бери уларнинг сони 2,6 миллион кишини ташкил этди.
Сентябрь ойида йиғилган маблағ собиқ давлат котиби номзоди АҚШ президентлигига илгари сурилганидан бери тўпланган рекорд миқдордаги сумма бўлгани қайд этилмоқда.
Изоҳ (0)