10 сентябрь куни тахминан кундузги 12 да Самарқанд шаҳрининг «Ўрикзор» маҳалласида 131-кўп хонадонли турар-жой олд томонининг бир қисми қулаб тушди. Ҳодиса ҳақидаги видеосюжетни Самарқанднинг STV телеканали намойиш қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган ва капитал таъмирга эҳтиёжманд бўлган уйда 70 оила яшайди. Уйда истиқомат қилувчилар фикрига кўра, уйнинг ертўласи доимий равишда сув остида қолгани туфайли, у авария ҳолатига келиб қолган.
Репортажда айтилишича, бир неча тонна бетон қулаб тушган тротуарда одатда болалар ўйнаб юради, аммо шу куни тасодиф туфайли ягона ўтиш йўлида ҳам, балконларда ҳам ҳеч ким бўлмаган.
Уйда яшайдиганлардан бири бинонинг ўзида, шу жумладан, хонадонларда ҳам деворлар ёрилганини айтди. Қулашдан бир кун аввал хонадонлардагилар ғичирлаган товушни эшитиб, бир неча марта қўрққан ҳолда кўчага югуриб чиққан.
«Фуқаролар турли инстанцияларга мурожаат қилди, бир неча ой ўтди, бироқ муаммо ҳал этилмаяпти, — деди маҳалла раиси Эркин Каримов. — Биз бир нечта жойларга мурожаат қилдик, барча хатлар турибди. Уларга жавобан бошқа инстанцияларга мурожаат қилишимизни ёзишади… Бу ерда яшаб бўлмай қолди, ҳамма жойда, жумладан, подездларда ҳам ёриқлар бор».
STV хабарига кўра, ширкат балконларни таъмирлашни бошлади, аммо бинонинг капитал таъмирдан чиқарилиши кутилмаяпти.
Изоҳ (0)