Рио—2016 Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаров ўзи ҳақидаги гап-сўзларга Facebook саҳифаси орқали жавоб берди. Авволроқ унинг номаълум қиз билан тушган суратлари ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда оммалашиб кетганди.
Чарм қўлқоп устаси ўз рафиқаси ва фарзанди билан тушган суратини саҳифасига жойлаб, уни қўллаб-қувватлаган барчага катта раҳмат айтди.
«Куни-кеча мухлислар билан тушган суратимизни ўзи билганича талқин қилган инсонларга қарата айтмоқчиман: Аллоҳга беҳисоб шукр, икки шириндан-шакар фарзандим ва севиб уйланган аёлим бор. Улар мен учун жуда азиз», — деб ёзди боксчи.
«Сиз бундай гаплар айтишдан олдин ўзганинг шахсий ҳаёти ҳақида мулоҳаза қилиб кўришингизни илтимос қилардим. Аллоҳга шукр, давлатимиз, халқимиз қўллаб-қуватлаб тургани учун чемпион бўлдик. Биз ўзимиздан кетиб қолганимиз йўқки, суратга тушишни сўраган кишиларга рад жавобини берсак», — деб фикрида давом этди Фазлиддин Ғоибназаров.
Сўзининг якунида Олимпиада чемпиони у билан суратга тушадиган мухлисларга ака-ука ёки опа-сингил сифатида қарашини билдириб, ўзи ҳақидаги ўзгаларнинг гумони ҳақиқатдан йироқ эканига тўхталган.
Изоҳ (0)