Хитойнинг Amperex Technology Limited (ATL) компанияси Samsung Galaxy Note 7 смартфонлари учун асосий батарея етказиб берувчи бўлади, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Reuters ўз манбаларига таяниб, ёзишича, Samsung Electronics ушбу моделдаги барча смартфонларни батареяси ёниб кетиши хавфи туфайли, бепул алмаштириб беришини маълум қилгач, ATL батарея ишлаб чиқариш учун қўшимча буюртмалар қабул қилган.
Агентлик таъкидлашича, бунгача Galaxy Note 7 учун асосий батарея етказиб берувчи Samsung Electronics’нинг шўъба корхонаси — Samsung SDI бўлган. Компания бутун дунё бўйлаб ушбу моделдаги смартфонларнинг 70 фоизи учун батарея ишлаб чиқарган, ATL ҳиссасига эса смартфонларнинг учдан бир қисми тўғри келган ва у Хитой бозорига урғу берган.
Таҳлилчилар фикрига кўра, ATL вақтинчалик Galaxy Note 7 учун ягона батарея етказиб берувчига айланиши мумкин, аммо бу қисқа муддатли ечим бўлади. Samsung бу масалада агентликка изоҳ беришдан бош тортди.
Аввалроқ Samsung Galaxy Note 7 сотуви бошланган вақтдан буён АҚШда смартфоннинг ёниб кетиши билан боғлиқ 70 дан ортиқ ҳолатлар қайд этилгани маълум бўлган эди.
Шунингдек, Samsung компанияси Galaxy Note 7 смартфонлари ёниб кетишининг дастлабки сабабини малум қилди.
Изоҳ (0)