АҚШ президенти Барак Обама ва собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон КХДРда ўтказилган навбатдаги ядровий синовлардан сўнг конгрессменлар томонидан кескин танқид остига олинди, деб хабар беради «РБК».
Амалдаги маъмурият рақибларининг фикрича, айни пайтда Обама КХДР билан ҳамкорлик қилаётган кўплаб компанияларга таъсир ўтказишнинг самарали воситаларига эга.
Шунга қарамай, у бу дастурнинг ривожлантирилишига йўл қўйиб берди.
Конгресс спикери Пол Райаннинг айтишича, Обама унга бир йил муқаддам берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда Шимолий Корея билан ҳамкорлик қилганлар, биринчи навбатда айрим Хитой компанияларига қарши дарҳол санкциялар жорий этиши лозим.
Райаннинг фикрича, Обама Хитой Шимолий Кореянинг асосий савдо шериги эканлигини била туриб, бунга журъат эта олмаяпти.
Ўз навбатида, Дональд Трамп штаби Ҳиллари Клинтонни бўлаётган ишларда айблади.
«Бугун Шимолий Корея бешинчи ядровий синовни ўтказгани маълум қилинди — Ҳиллари Клинтон давлат котиби бўлганидан буён ўтказилган тўртинчи синов бу. Бу омадсиз давлат котибининг яна бир улкан омадсизлигидир. У барча йўналишларда омадсизликка учради», — дейилади штаб баёнотида.
Изоҳ (0)