Терговчилар Россия ички ишлар вазирлиги иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дмитрий Захарченко уйида ўтказган тинтув чоғида 124 миллион доллар атрофидаги валютани мусодара қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Полковник Захарченконинг уйидаги тинтув яқинда якунланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, рублга ўгирганда 8 миллиардга яқин суммани ташкил этадиган йирик миқдордаги долларлар топилди. Якуний сумма ҳали маълум эмас, бу йўналишдаги ишлар энди бошланди», — дея таъкидлади манба.
Москвадаги Пресна суди Захарченкони 8 ноябрга қадар қамоққа олиш бўйича қарор чиқарди. Полковник бундан икки кун аввал, 8 сентябрь, пайшанба куни Россия федерал хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинганди. У Жиноят кодексининг «Ўта йирик миқдорда пора олиш», «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» ва «Терговчи фаолиятига тўсқинлик қилиш» каби учта моддаси бўйича айбланмоқда.
Изоҳ (0)