Аввал хабар берганимиздек, Apple компанияси 7 сентябрь куни янги iPhone 7 ва 7 Plus смартфонларини тақдим этди ва бир кеча-кундуз ўтар-ўтмас, қурилмалардаги илк муаммони тан олди, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Янги «қора оникс» (Black Jet) ранг ечимидаги смартфонлар осон тирналадиган бўлиб чиқди.
Янги iPhone 7 ва 7 Plus’нинг орқа панели 7000 сериайли алюминийдан тайёрланган. Аммо металлга ишлов бериш технологияси ўзгарди: «қора оникс» рангидаги қурилмаларда жилоли эффектга эга бўлиш учун тўққиз поғонали анодлаш (металл сиртини электролиз усулида оксид пардаси билан қоплаш) ва силлиқлаш технологиясидан фойдаланилди. У ён томонларга яқин жойга силжиган пластик деталларни деярли бутунлай сезиларсиз ҳолга келтириб, металл ва шиша ўртасидаги чегарани йўқотди.
Аммо iPhone 7 ва 7 Plus’га бармоқ изи тез ўтириб қолади. Бу ҳайратланарли эмас, бу кутилганди ҳам, бироқ анча жиддийроқ муаммо бор. «Корпус юзасининг мустаҳкамлиги бўйича Apple’нинг бошқа анодланган маҳсулотларидан қолишмайди, аммо фойдаланиш жараёнида унда тирналиш излари пайдо бўлиши мумкин. Агар бу сизни ташвишга солса, iPhone’ингизни ҳимоя қилиш учун ғилоф сотиб олишни маслаҳат берамиз», — деб ёзди Apple.
Эслатиб ўтамиз, Apple компанияси янги — iPhone 7 ва 7 Plus смартфонларини, шунингдек, Apple Watch 2 «ақлли» соатини расман тақдим этди. Смартфоннинг ранглари қаторига Black — жилоли қора ва Jet Black қопламаси қўшилди, у антенналар кўринмаслигини таъминлайди.