Самарқанд вилоятида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида бунёд этилган бир қатор тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жорий йилга мўлжалланган республика инвестиция дастури асосида Самарқанд шаҳридаги 6-оилавий поликлиника учун янги бино қурилиб, 46 минг аҳолига замон талаблари даражасида тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Муассасада йигирмага яқин тор мутахассислар учун алоҳида иш кабинетлари, лаборатория ва муолажа хоналари ташкил этилди. «Саломатлик» дастурлари ассосида зарур тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.
Кейинги уч йилда 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, реконструкция қилинган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Ушбу жараёнда марказнинг барча бўлим ва поликлиникаларида реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ёрдамчи бинолар қурилди, ҳудуд ободонлаштирилди. 390 ўринли марказда айни пайтда болаларда учрайдиган барча касалликларни аниқлаш ва даволаш учун имконият мавжуд.
Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 250 ўринли кўп тармоқли марказий поликлиника ва 30 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг янги биноси туман аҳолисига кўплаб қулайликлар яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Муассасаларнинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирларда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б. Эгамбердиев ва бошқалар қатнашди.
Изоҳ (0)