АҚШ раҳбари Барак Обамани фоҳишанинг ўғли деб атаган Филиппин президенти Родриго Дутерте сўзларидан афсусда эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда AFP маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«У (Родриго Дутерте) бундай можарога сабаб бўлган сўзларидан афсусда», — дейилади Филиппин ҳукумати коммюникесида.
Эслатиб ўтамиз, Филиппин президенти Родриго Дутерте 5 сентябрь куни Лаосда ўтадиган Шарқий Осиё саммити арафасидаги матбуот анжуманида америкалик ҳамкасби Барак Обамани фоҳишанинг ўғли деб атаб, унга инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатлари билан «ҳар ерга бурун тиқмаслик»ни маслаҳат берди.
Кейинроқ Оқ уй қошидаги миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Нед Прайс Барак Обама уни ҳақорат қилган Филиппин президенти билан учрашмаслигини маълум қилди. Бунинг ўрнига у 6 сентябрь кунининг иккинчи ярмида Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе билан учрашади.
Изоҳ (0)