Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўртасидаги 1 сентябрь кунги ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этган сурияликлар бош мураббийи Айман Ал-Ҳаким журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Мутахассис Сурия терма жамоасининг ўзаги ўзгармаганига эътибор қаратди: — «Охирги ойларда жамоага бир-икки янги футболчи қўшилди. Аммо жамоа ўзаги ўзгармади. Биз янги кучлар билан ўйнашимиз керак. Чунки 3-босқичдаги рақиблар кучли».
2-саралаш босқичида Сурия терма жамоаси Сингапурни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса-да, Афғонистонга қарши беллашувда бу сермаҳсулликни давом эттира олмади. Ал-Ҳаким ҳолатни қуйидагича изоҳлади: — «Сингапурга қарши ўйинга биз ёмон шароитда тайёргарлик кўрдик. Бизга қарши ўйинга эса Афғонистон шундай тайёргарлик кўрди».
Ўзбекистон билан ўйинга тайёргарлик жараёнида Сурия терма жамоаси Тожикистонга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.
«Биз Тожикистон термасини ҳурмат қиламиз. Аммо бу рақиб Ўзбекистон ёки Жанубий Корея билан тенг эмас. Тожикистонга қарши биз янги номларни синовдан ўтказдик. Ўша учрашувда тўп сурган футболчиларнинг ҳаммаси эртага майдонга тушади демаган бўлардим», — деб айтиб ўтди Сурия бош мураббийи.
Нотинчлик ҳукмрон бўлган Сурия мамлакатида терма жамоа ўз ўйинларини ўтказа олмайди. Яқиндагина ЖЧ саралашидаги уй учрашувлари Макаода ўтишига ойдинлик киритилганди. Масала кўринишидан тўлиқ ҳал этилмаган:
«Охирги 3 ойда уй ўйинларини қаерда ўтказиш борасида муаммога учраб келаётгандик. 10 кун олдин эса Макаодан хат келиб қолди ва биз ўйинларни ўша ерда ўтказишга қарор қилдик. Аммо энди у ерда ҳам ўйнай олмаслигимиз мумкинлиги борасида хабарлар пайдо бўлди».
Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари иштирокидаги ўйин 1 сентябрь куни соат 20:00 да «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)