АҚШ президенти Барак Обама бир ҳафтадан ортиқ муддатга Вашингтонни тарк этади. 31 август, чоршанба тонгида у мамлакат бўйлаб ва хорижга давомли сафарга йўл олади, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Обама сафари давомида бир қатор халқаро учрашувлар, жумладан, «йигирматалик»нинг (G20) Ханчжоудаги (Хитой) саммитида иштирок этади.
ХХРга Обама Хитой маҳаллий вақти бўйича 3 сентябрь, шанба куни ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бунга қадар у Америка ҳудудида — Невада штати, Гавайи ва Тинч океанидаги Мидуэй маржон оролларида бўлади. Бу ҳудудларнинг барчасида унинг ташрифи экология масалаларига боғлиқ ишчи кун тартибига эга бўлади.
Америка президенти Хитойдан ташқари 5—8 сентябрь кунлари Лаосга ташриф буюриш ниятида. У ерга бундан аввал АҚШ президентлари ташриф буюрмаган. У ерда Обама иштирокида АҚШ — Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси саммити ва Шарқий Осиё саммити бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, Обаманинг Россия президенти, Туркия президенти (Хитойда) ва Филиппин президенти (Лаосда) билан икки томонлама учрашувлари белгиланган.
Изоҳ (0)