Россиялик тижоратчи Алишер Усмонов Лондоннинг «Арсенал» жамоасидаги улушини сотишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда, Evening Standard’га асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
«ОАВдаги айрим спекулятив хабарлардан фарқли равишда, Red and White Holdings Limited аниқ баёнот берадики, жаноб Алишер Усмонов Arsenal Holdings Plc’даги улушини сотишни режалаштирмаяпти», — деди бизнесменнинг вакили.
Илгарироқ The Sun нашри Усмонов Лондон жамоасидаги улушини сотиб, Ливерпулнинг «Эвертон» клуби акцияларининг бир қисмини харид қилишни ҳамда Red and White Securities LTD компанияси бўйича собиқ ҳамкори, «Эвертон» акцияларининг 49,9 фоизига эгалик қилувчи Фарҳод Моширига шерик бўлишни режалаштираётганини маълум қилганди. Аммо тижоратчининг вакили бу хабарларни тасдиқламади.
«Жаноб Усмонов ‘Арсенал’га инвестиция киритишда давом этади ва клубдаги улушини ўз оиласи ва келажак авлодлар учун узоқ истиқболли инвестиция сифатида кўради», — деди у.
Изоҳ (0)